Бангладеш элчиси “Tashkent Pharma Park”га ташриф буюрди, сармоя киритишга қизиқиш билдирди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 1 август куни Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ва Бангладеш Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Доктор Моҳаммад Монирул Ислам билан учрашув бўлиб ўтди.
Ташриф доирасида "Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери технопарки ҳудудига экскурсия ташкил этилди. Шунингдек, икки мамлакат ўртасида фармацевтика соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Жумладан, Бангладеш компаниялари томонидан Ўзбекистонда хусусий инвестицияларни амалга ошириш имкониятлари, қўшма корхоналар ташкил этиш ҳамда контракт асосида дори воситаларини ишлаб чиқариш (contract manufacturing) соҳасида ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.
Элчи жаноблари Бангладешнинг йирик фармацевтика компаниялари Ўзбекистон бозорига катта қизиқиш билдираётганини таъкидлаб, бу йўналишда аниқ амалий қадамларни белгилаш зарурлигини қайд этди. Учрашув доирасида ушбу масалаларни кенг муҳокама қилиш ва истиқболли лойиҳаларни белгилаш мақсадида Бангладеш томонидан йирик фармацевтика компаниялари раҳбарлари иштирокида онлайн учрашув ўтказилиши таклиф этилди.