Аваза шаҳрида парламентлараро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Туркманистоннинг Аваза шаҳрида ўтказилаётган БМТнинг денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференция доирасида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Озарбайжон Миллий Межлиси Раиси Саҳиба Гафарова ва Туркманистон Межлиси Раиси Дунёгўзал Гулманова билан учрашув ўтказди.
Самимий руҳда ўтган мулоқотда парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, кўп томонлама алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Суҳбат чоғида Хива шаҳрида ўтказилган Биринчи Ўзбекистон–Озарбайжон парламентлараро форуми икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашда самарали тажриба алмашув майдонига айлангани таъкидланди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган бундай форумлар икки томонлама алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Ўзбекистон–Туркманистон парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари фаолияти изчил ва самарали давом этаётгани эътироф этилди. Учрашувда мазкур йўналишдаги ишларни янада кучайтириш, жумладан, парламентлараро комиссия доирасида маҳаллий ҳокимият вакилларининг иштироки орқали алоқаларни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Мулоқот давомида Марказий Осиёда парламентлараро форумларни мунтазам ўтказиш, чегарадош ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш, делегациялар алмашинувини йўлга қўйиш каби ташаббуслар минтақавий интеграцияни чуқурлаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.