Андижон вилоятида ўқитувчиларни мактаб таъмирига мажбурлашди — текширув бошланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 3 август куни ижтимоий тармоқларда ўқитувчилар мактаб таъмири билан шуғулланаётгани акс этган видео тарқалди. Мазкур ҳолат бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги расмий баёнот берди.
Аниқланишича, воқеа Андижон вилояти Марҳамат туманидаги 42-сонли умумтаълим мактабида содир бўлган. Видеолавҳада ўқитувчилар девор бўяётгани, парталарни кўтариб ташилаётгани ва ҳатто овқат тайёрлаётгани акс этган. Вазирлик маълум қилишича, видеолавҳа ёзги шанба ҳашари пайтида тасвирга олинган бўлиб, у ишларга қатнашишдан бош тортган ўқитувчиларга “намуна сифатида” юборилган.
Вазирлик бу ҳолат юзасидан хизмат текшируви бошланганини маълум қилди. Шу нуқтаи назардан юқоридаги ҳолатга сабабчи бўлган масъул ходимларга нисбатан белгиланган тартибда таъсир чоралари кўрилиши таъминланади.