Адлия вазирлиги Тошкентдаги бар ва ресторанларни “Setanta Sports” телеканали ноқонуний эфирга узатилаётгани учун огоҳлантирди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Адлия вазирлиги томонидан “EURASIAN BROADCASTING ENTERPRISE LIMITED” компаниясига (Буюк Британия) тегишли “Сетанта Спортс” каналлари рухсатсиз оммавий тарзда намойиш этилиши юзасидан қонуний чора кўриш тўғрисидаги мурожаат кўриб чиқилди.
Вазирлик томонидан ўтказилган текширув натижасига кўра “Setanta Sports” kanallari “Bavaria plaza”, “Guten”, “Dudek”, “Мята”, “Brasserie” вa “Woodu” умумий овқатланиш жойларида ҳуқуқ эгаси ёки бошқа ваколатли шахс рухсатисиз фойдаланилганлиги аниқланди.
Ҳолат юзасидан ушбу субъектлар қонунчиликда белгиланган тартибда огоҳлантирилди.
Қонунчиликка мувофиқ муаллиф ёки ҳуқуқ эгаси ҳуқуқбузардан зарар қопланиши ўрнига базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 1000 бараваригача миқдорда товон тўлашини талаб қилишга ҳақли ҳисобланади.
Адлия вазирлиги барча умумий овқатланиш корхоналарини эфирга узатишда муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларга қатъий риоя қилишга чақирди.