2026 йилги Халқаро информатика олимпиадасини Ўзбекистон мезбонлигида ўтказиш ҳуқуқи расман топширилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Боливиянинг Сукре шаҳрида ўтказилган 37-Халқаро информатика олимпиадаси (IOI–2025) жаҳон бўйича энг иқтидорли ёшларни бирлаштирди. Унда 84 та мамлакатдан 330 нафар мактаб ўқувчиси иштирок этди. Қувонарлиси, Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ушбу нуфузли мусобақада муносиб қатнашиб, 1 та кумуш ва 1 та бронза медалига эга бўлишди.
Бу ютуқлар, шубҳасиз, сўнгги йилларда мамлакатимизда ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш, ёш авлодни дастурлаш ва алгоритмик тафаккурга ўргатиш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасидир.
2023 йил 20 декабрда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида IТ соҳасини ривожлантириш ва давлат бошқарувини рақамлаштириш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида муҳим қарорлар қабул қилинган эди. Хусусан, 2026 йилда Халқаро информатика олимпиадаси илк бор Ўзбекистонда ўтказилиши белгиланган.
Бунинг доирасида мутасадди идораларга “мактаб – туман – вилоят – республика” босқичларида саралов танловларини ташкил этиш, 5–8-синф ўқувчилари орасидан энг иқтидорли 100 нафарини танлаб олиш вазифаси юклатилган эди. Улар учун халқаро тажрибага эга бўлган хорижий мутахассислар иштирокида чуқур тайёргарлик курслари ташкил этилди.
Амалий чора-тадбирлар натижасида ёшларимизнинг халқаро миқёсдаги натижалари ҳам яхшиланиб боряпти. Хусусан, Боливиядаги олимпиадада Ўзбекистон ўқувчилари томонидан бронза ва илк бор кумуш медалларининг қўлга киритилиши бу саъй-ҳаракатларнинг ёрқин натижасидир.
Ушбу олимпиаданинг якунловчи маросимида 2026 йилги Халқаро информатика олимпиадасини Ўзбекистон мезбонлигида ўтказиш ҳуқуқи расман топширилди. Бу эса мамлакатимизда IТ таълимини янада ривожлантириш ва халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашда янги босқични бошлаб беради.